“Масжид Али” зиёратгоҳи.

ПаркентКўча номи: Чашма.

“Масжид Али” зиёратгоҳи.

Тошкент воҳаси нафақат иқтисодий ва сиёсий мавқеининг юқорилиги билан балки, шу тупроқда туғилиб ўсган буюк алломаларию авлиёлари, зиёратгоҳлари билан ҳам дунёга машҳурдир. Буюк Ипак йўлида нафақат савдо сотиқ, маданий-илмий мулоқат алмашинуви билан бир қаторда зиёрат маросимлари ҳам амалга оширилган. Жумладан, карвон билан савдога чиқувчилар узоқ сафарга чиқишдан олдин ҳамда сафардан қайтганларидан сўнг зиёратгоҳларга ташриф буюришган. Ана шундай савдо йўлида жойлашган зиёратгоҳлардан бири Тошкент вилояти Паркент тумани Кумушкон қишлоғи ҳудудида жойлашган бўлиб, IX-XI асрларда бу ерда кумуш қазиб олинган машҳур конлар бўлган. Шу сабабли Паркент туманидаги ушбу гўша Тошкент воҳасининг тарихий ва табиий зоналаридан бири ҳисобланади. “Масжид Али” зиёратгоҳи Хазрат Али номи билан боғлиқ бўлиб, пайғамбар Муҳаммад (с.а.в.) куёви бўлган. Маълумки, Ҳазрат Али мусулмонлар қавми учун “Аҳли байт” деб, улуғланиб келган пайғамбар (с.а.в.) авлодлари “Саййидлар”нинг Расули акрамдан кейинги давомчисидир [11]. Ҳазрат Али ва унинг авлодлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар мусулмон ўлкаларда кўплаб учрайди. Ҳалифа Алининг Нажжаф (Ироқ), Мозори Шариф (Афғонистон), Фарғона водийсининг Шоҳимардон қишлоқлардаги зиёратгоҳлари азалдан эъзозлаб келинган.

Ривоят қилишларича Ҳазрат Али бу ерга Дулдул оти билан келган. Чинор остида дам олиб, номоз ўқимоқчи бўлибди. Таҳорат учун сув топа олмагач Оллоҳга илтижо қилибди. Оллоҳнинг инояти ила булоқ пайдо бўлибди. Шу сабабли булоқни маҳаллий халқ Авлиё-булоқ деб аташган. Ҳазрат Али булоқ суви билан афсонавий Дулдул отини суғорган. Ҳозирги кунда зиёратгоҳда 750-800 йиллик улкан чинор дарахти ва шифобахш булоғи билан машҳур бўлиб, бу ерга нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатлардан ҳам зиёратчилар ва сайёҳлар ташриф буюришади.

2010 йилда зиёратгоҳ шарқ меъморчилиги асосида қайта бунёд этилди. Кўк гумбазли масжид, мақбара, минора, зиёратгоҳга олиб борувчи йўлак, зиёратчилар учун ошхона, қурбонлиқ келтириш учун қушхона ва дам олиш хоналари қурилиб, ўзига хос бетакрор зиёратгоҳга айлантирилди. Мачит Али зиёратгоҳида жойлашган масжид Ўзбекистондаги энг юқорида жойлашган масжид ҳисобланади. Зиёратгоҳдан “Кумушкон” қишлоғи яққол кўриниб туради. Зиёратчилар Ҳазрат Али ҳақига дуо қилиб, қурбонлиқ келтиришади. Чинор дарахтига ният қилиб мато парчасини боғлашган.(Хозирги кунда ширк амал сифатида рухсат берилмайди). “Муқаддас булоқ” суви таркибидаги мирераллари билан турли хил яра касалликларига шифо ҳисобланади. Асосан баҳор ва куз фаслларида зиёратчилар кўп ташриф буюришади. Зиёратгоҳ масжидида аёллар ва эркаклар номоз ўқишлари учунбарча шароитлар яратиб берилган. Масжидда бир неча Қуръон китоблари нусхалари қўйилган.

Тошкент вилоятининг туризм салоҳиятини янада ривожлантириш, туризм салоҳияти юқори ҳудудларнинг ўзаро боғлиқлигини таъминлаш орқали туристлар сайёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, вилоятнинг ўзига хос табиий ҳудудларида янги туризм йўналишларини ташкил этиш, туристлар оқимини янада кўпайтириш, замонавий туризм инфратузилмасининг жадал ривожланишини таъминлаш, шунингдек, туризм йўналишларидаги тадбиркорлик соҳасига ушбу ҳудудлар аҳолисини кенг жалб қилиш мақсадида “2019-2021 йилларда Тошкент вилоятида туризм соҳасини жадал ривожлантириш тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра Масжид Али зиёратгоҳи жойлашган Кумушкон қишлоғида "Кумушкон туризм қишлоғи"ни ташкил этилди. Қарорга кўра:

– Паркент туманининг Сўқоқ қишлоғида ҳар йили май ойида "Сўқоқ таомлари гастрономик туризм фестивали"ни ўтказиш

– Паркент туманининг Заркент ҳудудида ҳар йили август ойида "Вино фестивали"ни ўтказиш

– Паркент туманининг Кумушкон маҳалласида ташкил этилаётган "Туризм қишлоғи"да 50 та оилавий меҳмон уйларини ташкил этиш

– Паркент-Кумушкон-Паркент йўналишида туристик автобус ва такси хизматларини йўлга қўйиш

– Паркент туманидаги "Кумушкон туристик қишлоғи" ҳудудида туристлар учун санитария-гигиена шохобчаларини ташкил этиш

– А-373 ҳамда 4Р-12 автомобиль йўлларининг Ангрен шаҳридан Паркент туманигача бўлган қисмларида туристик йўл кўрсатгичларни ўрнатиш

– Паркент туманидаги 28 гектар узумзор майдонида виночилик туризмига бағишланган "Виночилар маскани" лойиҳасини амалга ошириш каби вазифалар белгилаб, ижроси таъминланмоқда.

Тарихий жойлар

Наш родной край полон истории !