Буюк ипак йўлининг асосий тармоқларидан бирида (бугунги кунда Тошкент–Оҳангарон трассаси) жойлашган Шоабдумалик ота мажмуаси Тошкент воҳаси маданий тараққиётида муҳим роль ўйнаган маънавий марказлардан бири ҳисобланади. Шоабдумалик ота мажмуаси–ўрта асрларга оид архитектура ёдгорлиги бўлиб, давлат ҳимоясига олинган.
Шайх Шоабдумалик отанинг асл исмлари Малик Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Қулмуҳмаммад ибн Қодир ал Илоқий бўлиб, Шоабдумалик ота, Шодмалик бобо каби номлар билан халқ орасида машҳур бўлган. Шоабдумалик ота Яссавия тариқати асосчиси Хўжа Аҳмад Яссавийнинг муриди бўлган ҳазрат Мансур отанинг фарзанди, Ўрта Осиёда машҳур бўлган авлиёлардан бири Занги отанинг бобоси эди. Шоабдумалик ота XII аср охири XIII аср бошларида яшаб, дастлабки таълимни Бухородаги мадраса олади. Мадрасада таҳсил олаётган давридаёқ ўткир зеҳн, илмга бўлган қизиқиши билан ажралиб турган Шоабдумалик ота суфийлик асосларини, Юсуф Ҳамадоний таълимотини ўрганиб, араб ва форс тилларини мукаммал билган. Шайх Бухоро ва Илоқ мадрасаларида фалсафа, мантиқ, минералогия фанларидан дарс бериш билан бир қаторда ислом дини ва Қуръони карим тафсирлари, илоҳиёт сирлари, маънавият, маърифатга доир талқинлари билан бутун Моворауннаҳрга машҳур бўлади. Шайх адолатпарварлиги, халқсеварлиги ҳамда диний ва дунёвий билимларга эгалиги, хайр-саховати билан халқ орасида авлиё даражасида улуғланган. Шоабдумалик бобо 1203 йилда вафот этган. Ул зотнинг қабрлари Ангрен-Тошкент йўли ёқасига қўйилади. Мақбаралари нафақат маҳаллий аҳоли, балки қўшни ва олис юртлардан келадиган кишилар учун ҳам муқаддас зиёратгоҳга айланади. Меъморий тузилиши: Зиёратгоҳда 1934 йилда археолог олим М.Е.Массон томонидан илк бор археологик изланишлар олиб борилган. Тадқиқот натижаларига кўра Шоабдумалик ота мажмуаси–чорбоғ, ҳовуз ёнида ёзги ва қишки масжид, меҳмонхона, айвон, катта ҳовли ва шайхнинг турар жойидан иборат бўлиб, бинолар емирила бошлаган. Эски қабристон шимолида баландлиги 2м., шакли тўртбурчак (27х28,5 м.) сунъий тепалик бўлиб, тепалик тагида жойлашган авлиё мақбараси Шош-Илоқда кенг қўлланилган ғиштдан қурилган. Ер остига кирилгач, квадрат шаклдаги тепаси “Балхий” услубида қурилган гумбаз булиб, зиёратчилар бу ерда чироғ ёғдусида авлиё шарафига номоз ўқишган. Бу ерга тор йўлак орқали ўтилиб, йўлакда иккита ёғоч қабр жойлашган, қабрлар устида қоғоздан қабрпўш ёпилган ҳамда устига тупроқ уйиб қўйилган. Ўлчами 7,6х2,47 метрли кейинги хонада катта ёғоч қабр (1,87х0,65 метр) жойлашган бўлиб, қабр усти ва ёнида қоғоз матосидан парда бўлган. Қабр ёнида–босма араб ҳарфларида битилган китоб ва бири ёғочдан, иккинчиси чўяндан иккита чироқ қўйилган. Қабрнинг шимол томонида 4 та кичик қабр бир-бирига тақаб қўйилган. Авлиё қабрининг ғарбий томонида эшиги ғишт билан беркитиб ташланган хона жойлашган. 1934 йилда “Ўзкомстарис” комиссия аъзолари томонидан ғишт девор бузиб очилганда 3,5х2,2м ўлчамли, бўш, ҳужра борлиги аниқланган. Археологик изланишлар давомида Шоабдумалик ота мозоридан жануби-шарқ томонда ўрта асрларга (Х-ХII) мансуб бино қолдиқлари ва сопол идиш парчалари топилган.
Ушбу сағана Шарқ меъморчилигининг ер остида қурилган буюк санъат асари ҳисобланиб, сағананинг умумий узунлиги 1,87 метрни ташкил қилади. Археолог Яҳё Ғуломовнинг хулосасига кўра авлиё қабридан бошқа қабрлар жуда кичик бўлиб, узунлиги 1,25 метр, улар XIX асрда Алавий иштирокида ёғочдан ясалган рамзий қабрлар ҳисобланади.
1928-1930 йилларда зиёратгоҳда пискентлик муфтий Хўжахон ҳожининг ўғли Назирхон эшон охирги шайх бўлган. Совет мавкураси асосида динга қарши салбий муносабат сабабли ҳамда диндорларнинг қатоғон қилиниши оқибатида ушбу даргоҳ етмиш йил қаровсиз қолади. Натижада ўзбек халқи томонидан асрлар давомида қадрланиб келаётган муқаддас қадамжо ва зиёратгоҳлар ўз тарихий қиёфасини йўқотиб, ташландиқ ҳолатга келиб қолди, айрим зиёратгоҳлар йўқ қилинди. Жумладан, Самарқанддаги машҳур авлиёлар кўмилган “Чокардиза” қабристони ўтган асрнинг 40-йилларига қадар деярли тўлиқ сақланган. Аммо 1946-1955 йилларда қабристон суриб ташланиб, уй-жой қуриш учун бериб юборилган. Айнан шунга ўхшаш даҳшатли воқеани Бухородаги “Гулобод” (Колобод) қабристонига бўлган муносабатда ҳам кўриш мумкин [13]. Тарихда бундай мисолларни кўплаб келтиришимиз мумкин. Иккинчи жаҳон уруши даврида собиқ Иттифоқда динга муносабат бироз юмшади. 1943 йилда Тошкентда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси ташкил этилди. Кейинроқ идора қошида Мирараб мадрасаси (1945) ва Олий ислом институти (1971) таъсис этилди.1947 йил идора қошида “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали таъсис этилди. У фақат 1968 йилдан бошлаб мунтазам чоп этила бошланди. Диний идора бюджетини мусулмонларнинг хайриялари ва масжидларидан йиғилган хайр-эхсонлардан иборат бўлган. Даромаднинг катта қисмини ўша пайтда Ўрта Осиё Мусулмонлар Диний Идораси ихтиёрида бўлган катта зиёратгоҳлардан (Баҳоуддин Нақшбанд, Қусам ибн Аббос ва б.) йиғилган хайр-эҳсонлар ташкил этган. Мазкур даромадни ўзига хос шаръийлаштириш мақсадида ҳанафийлик(сўфийлик) нуқтаи назаридан асослаб, авлиё даражасига етган шахсларни зиёрат қилиш тўғрисидаги фатво чиқарилди.(1953) Бироқ, 1957 йил ёзига келиб, Вазирлар Кенгаши ҳузуридаги Диний ишлар қўмитаси зиёрат анъаналарининг оммавий тусга киришини “Дин пайдо бўлишининг хавфли белгилари” ва “Диндорларнинг норасмий тўпланиши” деб баҳолаб, барча зиёрат объектларини ёпиш ҳақида расмий қарор чиқарилишига эришилди. Республикадаги бошқа зиёратгоҳлар каби қаровсизлик оқибатида Шоабдумалик ота зиёратгоҳи тарихий меъморий қиёфасини йўқотиб, ертўла тарзида сақланиб қолади. Шоабдумалик ота зиёратгоҳининг қайта тикланишида халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими билан боғлиқ. Ана шундай бебаҳо миллий маданиятимиз сарчашмаларини-тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, қўлёзмаю, тошбосма асарларни ўрганиш ва келажак авлодга етказиб бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов ташаббуси билан 1996 йилда халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси ташкил этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 27 сентябрдаги халқаро хайрия “Маънавият ва маърифат” жамоатчилик маркази қошидаги “Олтин мерос” хайрия жамғармасини қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги 338-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг 2000 йил 17 январдаги 01-08-сонли хати инобатга олиниб, Тошкент вилояти ҳокимининг 2000 йил 3 мартдаги 93-сонли қарорига кўра 2000 йил 1 мартдан Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган 24 та зиёратгоҳлар халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими тасарруфига ўтказилди.
Халқаро “Олтин мерос” хайрия жамғармаси Тошкент вилояти бўлими раиси З.Эшмирзаева ташаббуси билан 2008 йил Шодмалик ота зиёратгоҳида лойиҳа-смета ишлари бошлаб юборилди. Зиёратгоҳнинг янги лойиҳаси муаллифи архитектор Муҳаммаджон Фозилий томонидан чизилган.
Ҳашар ва эхсон тушумлари ҳисобига олиб борилган қурилиш ишлари 2018 йил якунланди. Зиёратгоҳ шарқона меъморчилик услубида бунёд этилиб, зиёратчи ва саёҳатчилар учун хоналар, эркак ва аёллар учун тахоратхона ва ҳожатхоналар, қушхона, кутубхона, конференция зали, намозхона, қоровулхоналар қурилиб, замонавий тарзда жиҳозланди. 300 метр чуқурликда қувур (скважина) кавланиб, Шодмалик маҳалласи, зиёратгоҳ ва аҳоли ичимлик суви билан таъминланди. 2018 йилда Шоабдумалик ота зиёратгоҳи газлаштирилиб, зиёратгоҳ худудида ёритиш чироқлар ўрнатилди.
Оҳангарон туманида жойлашган ўрта аср шаҳар маданиятини ўрганиш ҳамда ёш авлодга етказиш мақсадида 2018 йилдан буён бу ерда “Олтин мерос” халқаро хайрия жамғармасининг Тошкент вилояти бўлими ташаббуси ҳамда молиявий кўмаги билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Археологик тадқиқотлар институти ва Тарих институти қўшма экспедиция гуруҳи томонидан археологик қидирув ишлари олиб борилди. Илмий изланишлар натижасида Қорахонийлар даврига оид (X-XI асрлар) турар-жой мажмуаси топилди.
Қорахонийлар даврига оид (X-XI асрлар) турар-жой мажмуаси Халқимизнинг бебаҳо тарихий ёдгорлигини сақлаб қолиш мақсадида қазилма ишлари олиб борилган 200 кв.м.жойнинг тепасига шип ўрнатилди. Бу Тошкент вилоятида ўраб олинган биринчи археологик ёдгорлик ҳисобланади. Тошкент вилоятида гавжум зиёртагоҳлардан бири бўлган Шоабдумалик ота мажмуасига– мақбара, археологик жой-очиқ осмон остидаги музей ва стационар археологик база киради. Келажакда мажмуа негизида археологик музей қуриш режалаштирилган. Бугунги кунда зиёратгоҳга нафақат республика, балки қўшни давлатлар ҳамда Россия, Туркия, Эрон, Индонейзия, Малайзия каби давлатлардан зиёратчилар ташриф буюрмоқда.
Шуни таъкидлаш лозимки, Шоабдумалик ота зиёратгоҳи нафақат диний-маърифий марказ бўлибгина қолмай, муҳим аҳамиятга эга тарихий-маданий мерос объекти ҳисобланади. Зиёратгоҳлар миллий ва маънавий тарихийлик негизидаги маърифий, тарбиявий аҳамиятга эга эътиқод марказларидир. Масалага хулоса тарзида қуйидагиларни таъкидлаш мақсадга мувофиқдир:
– Ўзбек халқи менталитетида қадимдан инсонлар ҳаётидаги энг муҳим воқеаларнинг аксарияти муқаддас жойларни зиёрат қилишнинг самараси сифатида эътироф этиб келинган ва маиший ҳаётдаги шахсий муаммолар билан боғлиқ эътиқод шакллари асрлар давомида шаклланиб, ментал қиёфа контекстидаги бошқа муҳим жиҳатларга, жумладан, она юртга меҳр-муҳаббат, ота-боболар руҳи покига эъзоз ва ҳурмат одобини шаклланишига таъсир кўрсатади; –Шоабдумалик ота зиёратгоҳида ташкил этилган археологик ёдгорлик ва очиқ осмон остидаги музей халқимиз тарихини ўрганиш ҳамда келажак авлодга етказиб беришда муҳим роль ўйнайди.
Наш родной край полон истории !
Буюк ипак йўлининг асосий тармоқларидан бирида (бугунги кунда Тошкент–Оҳангарон трассаси) жойл...
Арашан бобо Охангарон тумани ва Наманган вилоятининг Поп тумани ўртасида тоғда жойлашган бўлиб, уч авлиёнин...
Зиёратгоҳ Қорахитой қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги Тут қишлоғида жойлашган. Тошда қолган оёқ изини маҳа...
Пайғамбар ота зиёратгоҳи Оҳангарон туманида жойлашган бўлиб, маҳаллий аҳолининг таъкидлашига кўра, унинг а...